6 август куни Тошкент вилояти Зангиота туманида, халқ орасида «Изза» бозори номи билан машҳур бўлган савдо мажмуасида йирик ёнғин чиқди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда аланга қисқа фурсатда мебел дўконларини қамраб олгани акс этган, ҳудудда кўтарилган қуюқ тутун шаҳарнинг олис нуқталаридан ҳам кўринган.

ФВВ матбуот хизматига кўра, Зангиота тумани Токзор маҳалласи ҳудудидаги дўконлардан бирида чиққан ёнғин ҳақидаги маълумот бошқармага соат 12:29 да келиб тушган. Қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган.

Ёнғин 1,5 соатдан кўпроқ вақт давомида ўчирилган.

ФВВ ёнғин оқибатида дўконларнинг 400 метр квадрат майдони ёниб кетганини маълум қилди.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.