Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятида илк бор аэрологик шар тест режимида муваффақиятли учирилди. Бу гидрометеорология соҳасини ривожлантириш ва атмосферанинг юқори қатламларини тадқиқ этишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Аэрологик шарга ўрнатилган замонавий метеозонд парвоз давомида ҳаво ҳарорати, нисбий намлик, атмосфера босими, шамолнинг тезлиги ва йўналиши каби муҳим метеорологик кўрсаткичларни турли баландликларда реал вақт режимида ўлчайди ҳамда уларни ердаги қабул қилиш станциясига узатади.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу аэрологик маълумотлар синоптик таҳлилларни такомиллаштириш, об-ҳаво прогнозлари аниқлигини ошириш, хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни эрта аниқлаш ва авиация, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларни ишончли гидрометеорологик ахборот билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қайд этилишича, аэрологик кузатувларни йўлга қўйиш мамлакат гидрометеорология хизматида замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда соҳанинг илмий ва амалий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.