Немис оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, 7 августга ўтар кечаси Бонн шаҳри жануби-ғарбида жойлашган Мехерних ҳарбий базаси қўриқчилари объект устида жами олти марта шубҳали дронлар парвоз қилганини қайд этган. Кейинчалик бу маълумот Германия Қуролли кучлари – Бундесвернинг Оператив қўмондонлиги матбуот хизмати томонидан ҳам тасдиқланди.

Хабарларга кўра, дронларнинг сўнгги парвози вақтида воқеа жойида Шимолий Рейн – Вестфалия ерининг Ойскирхен тумани полицияси ходимлари ҳам бўлган. Махфий полиция ҳисоботида қайд этилишича, дронлардан бири ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари устида бир неча марта айланиб учган.

Ҳозирча ушбу дронларни ким бошқаргани маълум эмас. Тергов материаллари Ойскирхен полициясига топширилган бўлиб, ҳодиса юзасидан расмий текширув бошланган.

Дастлабки баҳолашларга кўра, ҳарбий база устида кузатилган аппаратлар Fly-380 VTOL русумига мансуб бўлиши мумкин. Ушбу турдаги дронлар тахминан 3,8 метр қанот ёйилишига эга бўлиб, 400 километргача учиш масофаси, соатига 150 километргача тезлик ва 10 килограммдан ортиқ юк кўтариш имкониятига эга.

Мехерних ҳарбий базаси Германия армиясининг энг муҳим логистика марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ер остидаги 130 метр чуқурликда жойлашган, майдони 30 минг квадрат метр бўлган махсус омборда ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар сақланади.

Шунингдек, айнан ушбу базада АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot зенит-ракета мажмуаларини техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи Бундесвер мутахассислари фаолият юритади. Шу боис бу объект Европа миқёсида стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Бу Германиядаги бундай ягона ҳолат эмас. 5 августга ўтар кечаси Саксония федерал еридаги Лейпциг–Галле аэропортида ҳам украиналик транспорт самолоти ёнида портловчи модда ва портлатиш қурилмаси ўрнатилган дрон топилган эди. Ушбу ишни Германия Федерал прокуратураси ўз назоратига олган.

Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт бу ҳолатни «гибрид террорчилик сценарийси» деб баҳолаб, унинг ортида юқори малакали жиноий гуруҳлар турганини айтган. Немис полицияси ва махсус хизматлари ушбу диверсияга Россия алоқадор бўлиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам текширмоқда.

Сўнгги йилларда Европа мамлакатлари, жумладан Германияда муҳим ҳарбий ва инфратузилма объектлари устида номаълум дронлар бир неча бор кузатилган. Масалан, 2025 йил сентябрида Росток яқинидаги Заниц ҳарбий базаси ва Германия Денгиз кучлари штаби атрофида ҳам шундай парвозлар қайд этилган. Мамлакат расмийлари улар стратегик объектларни кузатиш мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.