Хитой Транспорт вазирлиги маълум қилишича, янги транспорт тизимининг асосини учта миллий автомагистрал — G219, G331 ва G228 ташкил этади. Уларнинг умумий узунлиги 27 минг километрдан зиёд бўлиб, мамлакатнинг деярли бутун периметрини қамраб олган улкан ҳалқани ҳосил қилади.

Ушбу уч магистрал Шинжон-Уйғур автоном райони, Ляонин вилояти ҳамда Гуанси-Чжуан автоном районида ўзаро туташади. Шу тариқа, мамлакатнинг шимоли, ғарби, жануби ва шарқий соҳилларини ягона транспорт тармоғига бирлаштирувчи тизим шаклланади.

Транспорт ҳалқасининг энг узун қисми — G219 автомагистрали бўлиб, унинг узунлиги қарийб 10 минг километрни ташкил этади. У Шинжондаги Канас ҳудудидан бошланиб, Гуансидаги Дунсин шаҳригача етади. Йўл чўллар, Цинхай–Тибет тоғлиги, Ҳимолай тоғлари, чуқур даралар, музликлар ва ботқоқ ҳудудлар орқали ўтади.

G331 магистрали тахминан 9,2 минг километрга чўзилган бўлиб, Ляониндаги Дандун шаҳридан Шинжондаги Олтой шаҳригача боради. У Хитойнинг шимолий чегаралари, Ички Мўғулистон даштлари ҳамда мамлакатнинг йирик қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва энергетика ҳудудларини кесиб ўтади.

Шарқий ва жанубий соҳил бўйлаб ўтувчи G228 магистрали эса қарийб 7,4 минг километр узунликка эга. У Дандун ва Дунсин шаҳарларини боғлаб, ўнлаб порт шаҳарлари ҳамда Янцзи ва Чжуцзян (Марварид) дарёлари ҳавзаларини ўзаро туташтиради.

Хитой Транспорт вазирлигига кўра, мазкур лойиҳа нафақат автомобил йўллари тармоғини кенгайтириш, балки мамлакатнинг чегара ҳудудларини ривожлантириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш ва ички туризмни рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, транспорт ҳалқаси юзлаб табиий ва тарихий обидаларни, йирик саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги марказларини ўзаро боғлайди.

Лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ йирик чегара ўтиш пунктлари ва кўплаб денгиз портлари ягона транспорт тармоғига интеграция қилинади. Бу эса логистика самарадорлигини ошириш, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда чегара ҳудудларининг иқтисодий ва транспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.