Хитойнинг Outlook New Era Magazine медиа порталида Жаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (WTTC) “2026 йил учун саёҳат ва туризмнинг иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботи асосида Марказий Осиё туризм соҳасидаги ўсиш суръатларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, Марказий Осиё 2025 йилда жаҳон туризм саноатида энг тез ривожланаётган минтақалардан бирига айланган. WTTC дунё туризмини 13 та асосий ҳудуд бўйича таҳлил қилган бўлиб, Марказий Осиё қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринни эгаллаган.

Хусусан, 2025 йилда минтақада саёҳат ва туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг тўғридан тўғри иқтисодий ҳиссаси эса 19,6 фоизга ўсган. Бу Шимоли-шарқий Осиёдаги 8,7 фоиз ва Жануби-шарқий Осиёдаги 7,6 фоизлик ўсиш суръатларидан сезиларли даражада юқори.

Ҳисоботда Марказий Осиё туризм саноатининг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 2025 йилда 220,1 миллиард АҚШ долларига етгани келтирилган. Бу минтақа ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизига тенг. Шунингдек, туризм соҳасидаги бандлик 9,5 фоизга, соҳага йўналтирилган инвестициялар эса 12,4 фоизга ошган.

Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг илғор туристик йўналиш сифатида алоҳида қайд этилган. WTTC маълумотларига кўра, мамлакат минтақадаги асосий баҳолаш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилмоқда.

2025 йилда Ўзбекистоннинг туризм хизматлари экспортидан олган даромади 44,8 миллиард АҚШ долларига етгани келтирилган. Қайд этилишича, бу Марказий Осиёдаги умумий туристик экспорт даромадларининг қарийб ярмини ташкил этади.

Ўзбекистон минтақа аҳолиси учун ҳам энг оммабоп сайёҳлик йўналиши сифатида кўрсатилган. Марказий Осиё аҳолисининг хорижий саёҳатлари орасида Ўзбекистоннинг улуши 25 фоизни ташкил этган. Кейинги ўринларни Қозоғистон 23 фоиз ва Қирғизистон 18 фоиз кўрсаткич билан эгаллаган.

Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 46,8 фоизга кўп.

WTTC Марказий Осиёда туризмнинг жадал ривожланишига чегара тартибларининг соддалаштирилиши, транспорт ва логистика имкониятларининг яхшиланиши, янги сайёҳлик йўналишларининг ташкил этилиши ҳамда минтақанинг ягона туристик макон сифатида тарғиб қилиниши муҳим омил бўлаётганини қайд этган.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий туризм марказларидан бири сифатидаги мавқеи мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.