Visual Capitalist тақдим этган инфографикада 2005 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда саккизта йирик иқтисодиётнинг жаҳон қайта ишлаш саноатидаги улуши қандай ўзгаргани кўрсатилган.
Ҳисоб-китоблар АҚШ Иқтисодий таҳлил бюроси ва Жаҳон банкининг энг сўнгги мавжуд маълумотларига асосланган. Мамлакатларнинг улуши қайта ишлаш саноатида яратилган қўшилган қиймат асосида, жорий АҚШ долларида ҳисобланган.
2005 йилда Европа Иттифоқи етакчи эди
2005 йилда жаҳон қайта ишлаш саноатида яратилган қўшилган қийматнинг 24 фоизи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келган.
Европанинг энг йирик иқтисодиёти ва дунё автомобилсозлик саноатининг асосий марказларидан бири бўлган Германиянинг ўзи глобал кўрсаткичнинг 7 фоиздан ортиғини таъминлаган.
Атлантика океанининг нариги томонида АҚШ ишлаб чиқариш кўлами бўйича Европа Иттифоқидан деярли қолишмаган. Мамлакатда ўнлаб йиллар давомида деиндустриализация жараёни кечганига қарамай, АҚШ ўша пайтда алоҳида давлат сифатида дунёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолган.
АҚШ оғир саноатининг катта қисми мамлакатнинг Ўрта Ғарб штатларида жойлашган эди.
Япония жаҳон саноатининг 13 фоизини таъминлаган
2005 йилда яна бир йирик саноат маркази Япония эди. Мамлакат ҳиссасига жаҳон қайта ишлаш саноатининг қарийб 13 фоизи тўғри келган.
Япония анъанавий равишда электроника, автомобилсозлик ва истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда кучли мавқега эга бўлган. Ўша даврда саноат мамлакат иқтисодиётининг бешдан бир қисмидан кўпроғини ташкил этган.
Япониядан кейин Хитой 9 фоиз, Жанубий Корея эса 3 фоиз улуш билан жойлашган.
Ҳиндистон, Мексика ва Россиянинг ҳар бири жаҳон қайта ишлаш саноатида тахминан 2 фоизлик улушга эга бўлган.
Хитойнинг улуши 20 йилда уч баробар ошди
Кейинги икки ўн йилликда жаҳон ишлаб чиқариш саноатида энг катта ўзгариш Хитой ҳисобига юз берди.
2005 йилда глобал қайта ишлаш саноатининг 9 фоизини таъминлаган Хитойнинг улуши 2025 йилга келиб 27 фоизга етган. Яъни мамлакатнинг жаҳон саноатидаги улуши 20 йил ичида уч баробар ошган.
Натижада Хитой 2025 йилга келиб АҚШ ва Европа Иттифоқининг ҳар биридан 10 фоиз пунктга олдинга чиққан.
Хитойнинг саноат державасига айланишида мамлакат иқтисодиётининг либераллаштирилиши ва 2001 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муҳим роль ўйнаган.
Катта ва нисбатан арзон ишчи кучи, ҳудудларда тақдим этилган турли солиқ имтиёзлари ҳам Хитойга трансмиллий корпорацияларни жалб қилиш имконини берган. Бу жараён ишлаб чиқариш соҳасига миллиардлаб долларлик инвестициялар кириб келишини тезлаштирган.
Натижада 2015 йилга келиб Хитой глобал қўшилган қийматдаги улуши бўйича дунёнинг энг йирик ишлаб чиқариш иқтисодиётига айланган.
АҚШ, Европа ва Япониянинг умумий улуши камайди
Хитойнинг жаҳон саноатидаги улуши кескин ошиши билан бир вақтда АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япониянинг умумий ҳиссаси сезиларли қисқарган.
2005 йилда ушбу уч йирик иқтисодий марказ биргаликда жаҳон қайта ишлаш саноатидаги қўшилган қийматнинг 59 фоизини таъминлаган.
2025 йилга келиб уларнинг жами улуши 39 фоизгача тушган.
Шундай қилиб, 20 йил ичида АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япониянинг глобал саноатдаги умумий улуши 20 фоиз пунктга камайган.
Бироқ бу рақамлар ушбу мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг мутлақ ҳажми шунча миқдорда қисқарганини англатмайди. Кўрсаткич, биринчи навбатда, дунё бўйича саноат қўшилган қийматининг географик тақсимоти ўзгарганини, хусусан, Хитой ва бошқа ривожланаётган иқтисодиётларнинг тезроқ ўсганини кўрсатади.
Ҳиндистон ҳам ўз улушини оширди
Мексика, Россия ва Жанубий Кореянинг глобал қайта ишлаш саноатидаги улуши 2005–2025 йиллар давомида нисбатан барқарор сақланиб қолган.
Ҳиндистонда эса ўсиш кузатилган. Мамлакатнинг жаҳон ишлаб чиқаришидаги улуши 2 фоиздан 3 фоизга кўтарилган.
Ҳиндистон ҳукумати мамлакатга саноат соҳасида янада кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилишга интилмоқда. Бу орқали Ҳиндистон глобал ишлаб чиқариш ва логистика занжирларидаги иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган.
Умуман, 2005–2025 йиллардаги кўрсаткичлар жаҳон саноат маркази Ғарб ва Япониядан тобора Осиё томон силжиганини кўрсатади. Бу жараёнда энг катта ўзгариш Хитой ҳиссасига тўғри келган: мамлакат 20 йил ичида 9 фоизлик улушдан 27 фоизга чиқиб, глобал қайта ишлаш саноатидаги энг йирик кучга айланган.
2005–2025: дунё ишлаб чиқариш маркази қандай ўзгарди?
09:144225 мин
Сўнгги 20 йилда жаҳон қайта ишлаш саноатининг географияси сезиларли даражада ўзгарди. 2005 йилда глобал ишлаб чиқаришда Европа Иттифоқи ва АҚШ етакчилик қилган бўлса, 2025 йилга келиб Хитой 27 фоизлик улуш билан дунёнинг энг йирик ишлаб чиқариш иқтисодиётига айланди.











