Президент Шавкат Мирзиёевга 13 август куни тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотга тайёргарликнинг бориши юзасидан ахборот берилди.
Таъкидланишича, бўлажак олтинчи очиқ мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идора вакилларидан иборат республика штаби ташкил этилган. Штаб 24/7 режимда узлуксиз фаолият юритмоқда. Колл-марказ ва расмий ботлар орқали тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди, 1,8 мингга яқинини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Тайёргарлик доирасида масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилиб, уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этди ва 3,5 мингдан зиёд таклиф ҳамда масалалар билдирилди.
Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган 130 дан ортиқ учрашувда эса 5,7 мингдан зиёд тадбиркор қатнашиб, 1,5 мингга яқин масалани ўртага ташлади. Аниқланган муаммоларни тубдан ҳал қилиш ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, республика бўйича 5 минг 72 нафар тадбиркор ўртасида сўровнома ўтказилди. У орқали корхоналар самарадорлиги, инвестиция ва инфратузилма таъминоти, солиқ маъмурчилиги, ташқи савдо ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги масалалар ўрганилди.

Сўров иштирокчиларининг 93 фоизини маҳаллий хусусий корхоналар ташкил этди. Унда савдо, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қамраб олинди.
Таҳлиллар корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш ва таннархни пасайтириш бўйича ҳали катта имкониятлар борлигини кўрсатди. Рақамли платформалар, сунъий интеллект, энергия тежамкор технологиялар, янги маҳсулот ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этган корхоналарда сотув, рақобатбардошлик, иш ҳақи ва инвестиция кўрсаткичлари юқори бўлмоқда.
Хусусан, камида учта самарадорлик чорасини жорий этган корхоналарда таннархни пасайтириш эҳтимоли 4,1 баробар, иш ҳақини юқори суръатда ошириш имконияти 2,1 баробар кўп. Бироқ бундай чораларни уч ва ундан ортиқ йўналишда қўллаётган корхоналар улуши атиги 11,6 фоизни ташкил этган. 28,5 фоиз корхона эса бу борада бирорта ҳам чора кўрмаган.








