Германиянинг Киевдаги элчихонаси Украина Мустақиллик куни яқинлашаётгани муносабати билан мамлакатда бўлиб турган Германия фуқаролари учун хавфсизлик ва сафарларга оид тавсияларини янгилади. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона 14 август куни маълум қилди.
Элчихона огоҳлантиришича, 24 август куни ва шу сана атрофида Россия томонидан Украина энергетика инфратузилмаси ҳамда йирик транспорт узелларига ҳаво ҳужумлари кучайиши эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди.
Дипломатик ваколатхона, айниқса, темирйўл транспортидан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларга эътибор қаратган. Элчихона маълумотига кўра, Украина темирйўл инфратузилмаси ҳамон ҳаво зарбаларининг нишонларидан бири бўлиб қолмоқда.
Россия кучлари аввал ҳам нафақат темирйўл станциялари ва инфратузилма объектларига, балки ҳаракатланаётган поездларга ҳам ҳаводан зарба берган.
Хусусан, 13 август куни Одесса яқинида йўловчи поездига қилинган ҳужум оқибатида машинист ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлган.
Июн ойида эса Россия Украинанинг турли ҳудудларидаги учта темирйўл локомотивига зарба берган. Шунингдек, Суми вилоятида темирйўл станциялари, сигнализация объектлари ва электр нимстанциялари ҳам ҳужумга учраган.
Германиянинг Украинадаги янги элчиси иш бошлади
Айни пайтда Германиянинг Украинадаги дипломатик ваколатхонасига янги раҳбар тайинланган. Борис Руге Германиянинг Украинадаги янги элчиси сифатида ўз вазифасини бажаришга киришди.
Руге 2023 йил сентябридан НАТО бош котибининг сиёсий масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган.
У бундан аввал Мюнхен хавфсизлик конференцияси раиси ўринбосари бўлган. Шунингдек, 2014–2016 йилларда Германиянинг Саудия Арабистонидаги элчиси лавозимида фаолият юритган.
Борис Руге Украинада Германия элчиси сифатида 2025 йил сентябридан буён ишлаб келган Хайко Томс ўрнини эгаллади.











