АҚШ президенти Доналд Трамп 15 август куни Ҳўрмуз бўғозини «Қўшма Штатлар ҳудуди» деб эълон қилиш режаси борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Эрон устидан «узил-кесил ғалаба» қозонилганидан кейин амалга оширилиши мумкин.

Ню-Йорк штатидаги полиция академиясида ўтказилган учрашувда сўзга чиққан Трамп айни пайтда стратегик сув йўли АҚШ ҳарбийлари назорати остида эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Америка кучлари Эрон портларини блокада қилмоқда.

Reuters маълумотига кўра, Эрон томони ҳам бўғозни ўзи назорат қилаётганини таъкидламоқда. Бу ерда кема қатнови феврал ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён издан чиққан.

Трамп Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш режаси қандай ҳуқуқий асосларга таяниши ёки бу амалда қандай амалга оширилиши ҳақида қўшимча тушунтириш бермаган.

CNN қайд этишича, бундай қадам минтақада Америка қўшинларини номаълум муддатга жойлаштиришни талаб қилиши мумкин. Бу эса Трампнинг аввалроқ Эрон билан уруш қисқа муддатли бўлиши ҳақидаги баёнотларига зид келиши мумкин.

Трамп бундан аввал ҳам АҚШнинг бошқа стратегик ҳудудлар устидан назорат ўрнатиши ҳақида бир неча бор гапирган. Жумладан, у Вашингтон Гренландия ва Панама канали устидан назорат ўрнатишни хоҳлашини таъкидлаган, Венесуэлани эса «АҚШнинг 51-штати» деб атаган.

Эрон Трампнинг баёнотини рад этди

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Қосим Ғарибободий Трампнинг баёнотига муносабат билдириб, Теҳрон Вашингтоннинг босимига ён бермаслигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Эрон «АҚШнинг таҳдидлари ва куч намойишига бўйсунмайди».

Ҳўрмуз бўғози атрофидаги қарама-қаршилик АҚШ ва Эрон ўртасидаги низонинг асосий масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Можаро бошланганидан ярим йил ўтиб, бўғоздаги блокада ва уни ким назорат қилиши борасидаги Вашингтон—Теҳрон баҳси ортидан жаҳон нефт захиралари қисқаришда давом этмоқда.

Эрон ҳукумати аввалроқ Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун қайта очиш эвазига АҚШ олдига янги талабларни қўйган. Улар орасида уруш оқибатлари учун товон тўлаш ва Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш ҳам бор.

Трамп эса сўнгги вақтларда Ҳўрмуз бўғози АҚШ назорати остида эканини бир неча бор таъкидлаган. Бир неча кун аввал у Америка ҳарбийлари бўғозни миналардан тозалаганини ҳам маълум қилган.

АҚШ президентининг фикрича, Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш янги ҳарбий зарбалардан кўра самаралироқ бўлиши ва Эрон раҳбариятини ён беришга мажбур қилиши мумкин.