Яқин Шарқдаги уруш кутилганидан чўзилиб кетди. Теҳрон «уч кунда қуламади». Ярим йилдан буён Америка Эронни ўзига бўйсундира олмади. Сиёсий ва ҳарбий раҳбарият тўлиқ таркибда, камида икки марта ўлдирилганига қарамай, Эронда бошқарув ўзгаришсиз қолди.
Қайтанга энди бу давлатдан ахборот чиқиши янада қийинлашди, муҳофизлар корпуси ваколатлари чексиз бўлди, корпус армия устидан назоратга эга бўлди. Америка нашрларининг араб давлатлари разведка маълумотларига асосланиб ёзишича, Теҳрон яқин келажакда уруш янада катталашишига тайёрланмоқда.
Корпусга чексиз ваколат
Инқилоб муҳофизлари корпуси Эрондаги асосий ҳарбий тузилма ҳисобланади. Шундоғам жуда катта ваколатга эга бўлган корпус эндиликда Эрон армияси устидан ҳам назоратга эга бўлади. Ҳарбий раҳбариятдаги муҳим лавозимларга Ироқ уруши фахрийлари ва араб давлатларига зарба бериш тарафдорлари қўйилган.
Теҳрон контрразведкани кучайтирган. Шунингдек, ракета ва дрон ишлаб чиқариш тезлашган. WSJ'га кўра, кейинги эскалация давомида Эрон форс кўрфазидаги интернет симларига диверсия уюштириши мумкин. Шунингдек, Кувайт ва Баҳрайн каби шиалар яшовчи араб давлатларида сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринишлар бўлиши мумкинлиги айтилган. Нашр манбалари ҳатто Кувайтда қуруқлик амалиёти бўлиши мумкинлиги истисно қилмаган. Араб давлатлари разведкалари Эрон раҳбарияти охирги вақтларда Ироқ ва Ямандаги тарафдорлари билан суҳбатларда қуруқлик амалиётлари ҳақида тобора кўпроқ гаплашаётганига эътибор қаратган.
Эрон сувдаги жанг майдонини қизил денгизгача узайтиришни истаётган бўлиши мумкин. Саудия Ҳўрмуз блокадасини айнан шу денгиз йўли орқали айланиб ўтишга интилмоқда. Лекин бу йўлда Яман ҳусийчилари борлиги вазиятни саудлар учун қийинлаштиради. Балки ҳусийчилар охирги вақтларда фаол бўлиб қолгани ҳам бежизга эмасдир.
Эрон Америка учун музокара чалғитувчи восита деб ҳисоблаб, Вашингтон жиддийроқ ҳужумга тайёрланмоқда деган қарорга келган. Улар Трампнинг тинчлик истаётганини ишониш ўрнига янада каттароқ урушга тайёргарликни бошлаб юборган.
Бироқ Теҳронда ҳам янги эскалациядан хавфсираётганлар бор. Улар уруш катталашса, мамлакат ичида вазият издан чиқиши мумкин деб ҳисобламоқда. Асосий хавотир январ ойидаги каби оммавий намойишлар бошланиб кетиши билан боғлиқ.
Бу нима дегани?
Замонавий дунёда кимдир Америка билан тўғридан-тўғри урушишини тасаввур қилиш қийин эди. Қўшма Штатлар жуда кучли давлат, охирги бир аср давомида ақл бовар қилмас даражада кучайганини тан олмаслик ноҳақлик бўлади. Қандай кучайгани, дунё энергетикаси устидан назорат ўрнатиш учун нималар қилганини айтмаяпман, шунчаки факт шу – Америка сиёсий таъсир доираси нуқтаи назаридан жуда кучайиб кетди.
















