Эрон ва АҚШ ўзаро англашув меморандумида кўзда тутилган 60 кунлик сулҳни узайтиришга рози бўлди, деб хабар берди 17 август куни Al Arabiya телеканали ўз манбаларига таяниб.
Аввалроқ Al Jazeera телеканали томонларнинг бирортаси ҳам 17 август куни муддати тугайдиган, АҚШ ва Эрон ўртасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган англашув меморандумини узайтиришга тайёр экани аломатлари кузатилмаётганини хабар қилган эди.
«Биз ҳозирча АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш ҳақида қарор қабул қилмадик», — дея маълум қилган эди Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи.
Al Jazeera хабарига кўра, 17 июнь куни АҚШ ва Эрон президентлари Доналд Трамп ва Масъуд Пизишкиён томонидан имзоланган келишув Покистон воситачилигидаги музокаралардан сўнг эришилган. У минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва Форс кўрфазидаги тижорат фаолиятини, хусусан, нефть ва газ экспортини издан чиқарган уч ойдан зиёд давом этган урушга чек қўйиши керак эди.
Меморандумда Эрон ва АҚШ «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиши» ҳамда «барча жабҳаларда жанговар ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши якуний келишувни тасдиқлаши» айтилган эди.
Ҳужжатда қайд этилишича, якуний келишув БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланиши ва кўпи билан 60 кун ичида тузилиши керак, бунда ушбу муддат ўзаро келишувга биноан узайтирилиши мумкин.
Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бақоий 17 август куни Вашингтоннинг қоидабузарликлари туфайли меморандум энди ўз кучини йўқотганини маълум қилди.
«АҚШ англашув меморандумини бошиданоқ бузиб келган», — деб Бақоийнинг брифингдаги сўзларидан иқтибос келтиради Mehr агентлиги.
Дипломатнинг сўзларига кўра, англашув меморандуми матнида «60 кунлик муддатни белгиловчи банд бўлмаган». Унинг тушунтиришича, ҳужжатда фақат 60 кун давомида ядровий мавзуда музокаралар ўтказиш кўзда тутилган холос.
У Эрон бирор бир муддат мажбурияти остида эмас, балки ўз миллий манфаатлари ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб қарор қабул қилишини таъкидлади.









