Трамп 16 август куни Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетга Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотлар кўламини қисқартириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.

Оқ уй раҳбарининг айтишича, КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан «жуда яхши муносабатлари»ни ҳисобга олганда, АҚШнинг бу машғулотларда иштирок этишга рози бўлганидан у мамнун эмас.

Трамп қўшма ҳарбий машғулотларни нафақат қиммат, балки Шимолий Кореяга нисбатан ноўрин сигнал деб ҳам баҳолади.

Унинг таъкидлашича, машғулотлар билан боғлиқ харажатларнинг катта қисмини АҚШ қопламоқда. Шу билан бирга, Трамп фикрича, бундай ҳарбий фаоллик унинг президентлиги даврида АҚШга таҳдид солмаган ва Вашингтонга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлган Шимолий Кореяга «мутлақо ноўрин ва душманона сигнал» юборади.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Жанубий Кореянинг Вашингтон ва Тель-Авивнинг Эронга қарши урушида АҚШни қўллаб-қувватлашдан бош тортганини ҳам эслатди.

Ulchi Freedom Shield машғулотлари

АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги Ulchi Freedom Shield номли қўшма ҳарбий машғулотлар 17 август куни бошланиши ва 11 кун давом этиши режалаштирилган.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу машғулотларнинг асосий мақсади Жанубий Корея ва АҚШ кучларини Шимолий Корея томонидан эҳтимолий ҳужумга тайёрлашдан иборат.

AFP қайд этишича, АҚШ кўп йиллардан бери Жанубий Кореянинг энг муҳим ҳарбий иттифоқчиларидан бири бўлиб келмоқда. Айни пайтда Жанубий Корея ҳудудида 28,5 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлаштирилган.

Сеул Пхенян билан тинчлик музокараларини таклиф қилди

Корея яриморолидаги вазият ҳамон ўзига хос ҳуқуқий ҳолатда қолмоқда. 1953 йилда Корея уруши якунларига кўра ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим имзоланган, аммо Жанубий ва Шимолий Корея ўртасида ҳанузгача тўлақонли тинчлик шартномаси тузилмаган.

Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён ўтган йили лавозимга киришганидан бери Сеул ва Пхенян ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

15 август куни у КХДР раҳбариятига икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказишни таклиф қилди.

Бироқ хабар эълон қилинган вақтга қадар Шимолий Корея томонидан мазкур таклифга жавоб берилмаган.