Ўзбекистонда “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади. Дастур доирасида корхоналарга сунъий интеллект жорий қилиш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда эълон қилди.
Қайд этилишича, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпютер кластери ишга туширилди. Келаси йил унинг қуввати 3 карра оширилади. Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда ушбу суперкомпютердан бепул фойдаланиш имкони берилади. Илмий-тадқиқот харажатлари ҳам бюджетдан қопланади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилади.
Тўқимачиликдаги тажриба электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига ҳам татбиқ этилади. Ушбу корхоналарда автоматлашган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.









