Ўтган қишларда Россия Украина энергетикасини издан чиқаришга уринди, лекин бу йил Киев фақат ўз осмонини ҳимоя қилиш билан чекланмаслиги мумкин. Украинлар Россиянинг энергетика инфратузилмаси ва ракета ишлаб чиқариш корхоналарини нишонга олиб, рақибнинг ҳужум салоҳиятини пасайтиришга интилмоқда. Шу билан бирга, Вашингтон Patriot тизимларини Киевга бериш масаласида ҳамон бир қарорга келмади.

Мавзу борасида Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар сўз юритишди.

Шуҳрат Расул: АҚШ Украинага Patriot ракеталарини бериши ҳақидаги гаплар янграяпти, аммо бу ёрдамнинг қачон ва қай даражада етиб келиши ҳозирча ноаниқ. Трамп маъмуриятининг позицияси тез-тез ўзгариб тургани сабабли, Вашингтоннинг аниқ қарорини кутиш қийин. Бироқ ёрдам бошқа манбалардан ҳам келиши мумкин. Масалан, Полша Украинага ўзининг Patriot ҳаво мудофаа тизимларини беришга тайёрлигини маълум қилди. Германия ҳам Patriot тизимларини Украинага топшириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Patriot тизимининг муҳимлиги шундаки, у ҳужум қуроли эмас, балки ҳаво мудофааси воситаси. Хусусан, PAC-3 ракеталари Россия томонидан қўлланаётган айрим баллистик ракеталарни тутиб қолиш имкониятига эга.

Президент Зеленский ҳам ҳаво мудофаасини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, қўшимча Patriot тизимлари етказиб берилиши осмонни ҳимоялаш имкониятларини сезиларли оширишини билдирган. Агар Украина етарли миқдорда бундай тизимларга эга бўлса, Россия ракета ҳужумларининг самарадорлигини анча пасайтириши мумкин. Аммо Россиянинг ўзи қишки кампания давомида етарли миқдорда ракетага эга бўладими деган масала ҳам бор.

15 август куни Украинага тегишли Фламинго ракеталари Россиянинг Самара шаҳридаги муҳим саноат объектига зарба бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу корхона фаолияти ракета ва космик дастурлар учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Фламинго ракетасининг жанговар каллаги оғирлиги тахминан 1 150 килограмм экани айтилмоқда. Бундан олдин эса Воронеждаги ракета саноати учун муҳим бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхонага ҳам зарба берилгани ҳақида хабарлар бўлган. Агар бундай ҳужумлар давом этса, Россиянинг ракета ишлаб чиқариш салоҳиятига босим кучайиши мумкин.

Аммо Россиянинг ракета захиралари ва ишлаб чиқариш имкониятлари қишки кампанияни давом эттириш учун қай даражада етарли бўлиши – алоҳида масала. Украина учун эса қишнинг яна бир муаммоси бор, бу – энергетика. Масалан, Днепр бўйида жойлашган Херсон шаҳри қиш мавсумида Россия зарбалари оқибатида электр таъминотидаги узилишларга дуч келмоқда. Шаҳарда аҳолига ёрдам бериш учун юзлаб иситиш пунктлари ва генераторлар ўрнатилган. Бу пунктларда одамлар иссиқ чой ва кофе ичиши, телефонларини қувватлаши ҳамда электр таъминоти тиклангунча вақтинча исиниб туриши мумкин.