Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг машҳур «Маша ва айиқ» анимацион сериали ижодкорларига нисбатан санкциялар киритди. Бу ҳақдаги фармон 20 август куни кечқурун Украина президентининг расмий сайтида эълон қилинди.

Чекловлар мултсериални яратган «Анимаккорд» студияси ҳамда Россиянинг беш нафар фуқаросига нисбатан жорий этилган. Улар орасида студия асосчиси ва бош директори, мултсериал сценарий муаллифи ҳамда асарга бўлган ҳуқуқ эгаси бор.

Украина президенти сайтида келтирилган изоҳга кўра, «Маша ва айиқ» мамлакат миллий хавфсизлиги учун таҳдид сифатида баҳоланган. Украина томони мултсериалда болалар учун мўлжалланган контент ниқоби остида «россияпараст ғоялар» тарқатилаётганини даъво қилмоқда.

«РБК-Украина» нашрининг ёзишича, Зеленскийнинг мазкур қарори мамлакат ҳудудида «Маша ва айиқ» мултсериалини намойиш этишни тақиқлаш учун ҳуқуқий имконият яратади.

Шу куни Зеленский Россияга қарши санкцияларни назарда тутувчи Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг қарорларини кучга киритувчи яна учта фармонни ҳам имзолади.

Ушбу чекловлар Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, россиялик амалдорлар ва жисмоний шахслар, шунингдек, Олег Дерипаскага алоқадор «Русал» гуруҳи таркибидаги компанияларга қаратилган.

Аввалроқ, 2026 йил июн ойида Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна «Маша ва айиқ» мултфилмини «Кремл юмшоқ кучининг бир қисми» деб атаган эди. Унинг даъвосига кўра, мултсериал болалар кўнгилочар контенти орқали Кремл тарафдори бўлган ва милитаристик қарашларни сингдиради, шунингдек, Россия агрессияси ва империявий амбицияларини одатий ҳол сифатида кўрсатади.

Айни пайтда мултсериал халқаро стриминг платформаларида ҳам кенг тарқалган. 2026 йил июн ойида Deadline нашри Netflix «Маша ва айиқ»нинг иккита янги мавсумига ҳуқуқларни сотиб олгани, шунингдек, аввалги мавсумлар ва лойиҳа спин-оффларини намойиш қилиш бўйича келишувни узайтирганини хабар қилган эди.