Долли Партоннинг матбуот котиби маълумотига кўра, «кантри мусиқаси қироличаси» 25 август куни Теннесси штати Нэшвилл шаҳрида 80 ёшида вафот этган. Хонанданинг ўлими ҳақида унинг жияни Брайан Сивер ҳам маълум қилган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Долли Партон вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб давлат байроқларини бир ҳафта давомида ярим устунга туширишни буюрган. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Трамп Партонни нафақат кантри, балки бутун Америка мусиқа саҳнасининг буюк ижрочиларидан бири сифатида таърифлаб, унинг ўлими миллионлаб одамлар учун катта йўқотиш эканини билдирган.
Президент фармонига кўра, АҚШ байроқлари 25 август куни соат 18:00 дан бошлаб бир ҳафта давомида ярим устунга туширилади.
Бундай қарор АҚШ учун кам учрайдиган ҳолат. Мамлакатда маданият вакиллари вафот этганда байроқларни тушириш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган, аммо одатда бундай қарорлар айрим штатлар ёки маҳаллий ҳокимиятлар даражасида қабул қилинган.
Бутун АҚШ ҳудудида байроқларни ярим устунга тушириш амалиёти эса, асосан, юқори мартабали давлат амалдорлари, ҳарбийлар вафоти ёки миллий фожиалар қурбонлари хотирасига қўлланади.
Трамп бундан аввал июль ойида Жанубий Каролинадан сенатор Линдси Грэм вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб байроқларни тушириш ҳақида кўрсатма берган эди. Сиёсатчи 12 июл куни 71 ёшида вафот этган.
Қашшоқ оиладан жаҳон мусиқа юлдузигача
Долли Партон 1946 йилда Теннесси штатида кўп фарзандли ва кам таъминланган оилада туғилган. У оиладаги 12 фарзанднинг тўртинчиси эди.
Партон қўшиқ айтишни черковда ўрганган ва 13 ёшида илк кантри пластинкасини ёзган. Унинг ижодий фаолиятидаги энг катта юксалиш 1970-йилларга тўғри келди. Кейинчалик хонанда поп-мусиқа йўналишида ҳам катта муваффақиятларга эришди ва киноактриса сифатида танилди.
Унинг энг машҳур қўшиқлари қаторига Jolene, Coat of Many Colors ва I Will Always Love You киради. Кейинчалик I Will Always Love You қўшиғини Уитни Хюстон «Тансоқчи» филми учун қайта ижро этган ва бу талқин ҳам жаҳон миқёсида машҳурликка эришган.
Долли Партоннинг бутун дунё бўйлаб сотилган мусиқий ёзувлари умумий тиражи 100 миллион нусхадан ошган.









