2026 йил 1 октябрдан Қозоғистоннинг «Пассажирские перевозки» компанияси Алмати — Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланадиган халқаро поезд таркибида биринчи марта «Аёллар вагони»ни жорий этади. Поезд Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам темир йўл қатновини таъминлайди, деб хабар берди Kazinform.
«Алмати-Тошкент халқаро йўналиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йўловчи ташиш алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишга талаб юқорилиги ва йўловчилар оқими ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мазкур йўналишда «Аёллар вагони»ни ишга туширишга қарор қилинди. Ушбу хизмат ички темирйўл йўналишларида ҳам юқори талабга эга. Хизмат жорий этилганидан буён «Аёллар вагони»дан 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланди», — деди компания бошқарув раиси Анвар Ахметжанов.
«Аёллар вагони»да катталар ҳамроҳлигида етти ёшгача бўлган ўғил болаларнинг сафар қилишига ҳам рухсат берилади. Бундай вагонларга чипталар фақат аёлларга сотилади, уларга эса фақат аёл проводниклар хизмат кўрсатади.
«Чипталарни темир йўл кассаларидан кассирга «Аёллар вагони»ни танлаётганингизни билдирган ҳолда, шунингдек, расмий сайт орқали онлайн харид қилиш мумкин. Чипта расмийлаштирилаётганда «ЖН» белгисига эътибор бериш керак. Ушбу белги жойнинг аёллар вагонига тегишли эканини кўрсатади», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, чипталар савдоси поезд жўнаб кетишидан 45 кун олдин очилади. Бу йўловчиларга сафарни олдиндан режалаштириш имконини беради.
Қозоғистонда аёллар учун махсус вагонлар илк бор 2021 йил 10 октябрда йўлга қўйилди, тажриба муваффақиятли деб топилгач, 2022 йилдан бошлаб вагонлар сони оширилди. «Қозоғистон темир йўллари» компанияси маълумотларига кўра, вагонлар биринчи навбатда сафар вақтида аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва қулайлигини ошириш мақсадида жорий этилган. Бу қарор, шунингдек, поездлардаги жинсий зўравонлик ҳолатларидан сўнг юзага келган ижтимоий резонанс билан ҳам боғлиқ.




