Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди делегациялар иштирокидаги музокаралар ўтказади, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Томонлар савдо ва инвестициялар, мудофаа, рақамли алоқалар, энергетика, таълим ва халқлар ўртасидаги алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликни кўриб чиқади.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг “Виксит Бҳарат 2047” ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари доирасидаги умумий ривожланиш мақсадларини илгари суриш бўйича фикр алмашилади.
Ташриф дастуридан Нарендра Модининг Тошкентдаги Лал Баҳадур Шастри ёдгорлиги ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетидаги Маҳатма Ганди марказига бориши ҳам ўрин олган.
Ҳиндистон бош вазири Ўзбекистондан сўнг Қирғизистон президенти Садир Жапаров таклифига биноан Бишкекка йўл олади. У ерда 31 август – 1 сентябр кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 26-саммитида иштирок этади.
2026 йилги саммит ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллигига тўғри келади. Ҳиндистон ташкилотнинг 2017 йилдан буён тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Моди, шунингдек, Марказий Осиёнинг бой маданий меросини намойиш этувчи VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида қатнашади.









