Бу ҳақда 26 август куни Украина ва Россия ташқи ишлар вазирликлари маълум қилди.

Украина ТИВ маълумотига кўра, табиий офат ҳудудида бўлган 46 нафар Украина фуқаросидан иборат сайёҳлар гуруҳи билан эрталаб алоқа узилгани ҳақида вазирликка мурожаат келиб тушган.

Непал сайёҳлик полицияси маълумотларига кўра, табиий офат натижасида ҳозирга қадар жами 53 нафар Украина фуқароси бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Украина ТИВ ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар орасида мамлакат фуқаролари бор-йўқлиги ҳақида маълумотга эга эмас.

Россия ТИВ эса офат ҳудудида бўлган «камида тўрт нафар» Россия фуқароси билан алоқа ўрнатишнинг иложи бўлмаётганини маълум қилган. Яна саккиз нафар россиялик хавфли ҳудудда бўлган, бироқ улар бошқа аҳоли пунктига хавфсиз етиб олган.

Непал полициясининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда сув тошқини қурбонлари сони 157 нафарга етган. Reuters маълумотига кўра, Непал билан чегарадош Хитойнинг Тибет ҳудудида яна уч киши ҳалок бўлган. Шу тариқа, қурбонларнинг умумий сони 160 нафарга етган.

Непал Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, 403 нафар сайёҳ бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Уларнинг 340 нафари хорижий фуқаролардир.

Алоқа ўрнатиб бўлмаётган хорижлик сайёҳлар орасида энг кўпи Ҳиндистон фуқаролари — 133 нафар. Бундан ташқари, бедарак йўқолганлар орасида Украина ва Россия фуқароларидан ташқари АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Канада ва бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бор.

Хитой расмийлари эса Тибет ҳудудида 265 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётганини маълум қилган.

Кучли сув тошқини эрталаб бошланган. Офатнинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас.

Непал ташқи ишлар вазири Шишира Ханал келтирган дастлабки маълумотларга кўра, сув тошқини кўчки оқибатида юзага келган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, ер силкинишидан кейин катта миқдордаги лой ва тош массаси қулаган ва бу Бхоте-Коши дарёсининг ўзанидан чиқишига сабаб бўлган.

Табиий офат катта моддий зарар ҳам етказган. Сув тошқини оқибатида турар жойлар, автомобиль йўллари ва мамлакат энергетика инфратузилмаси объектлари вайрон бўлган.