Қабристон ёнидаги қурилишда ернинг кавланиши оқибатида қабрларга етказилган зарар юзасидан Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳолатни ўрганди.

Маълум бўлишича, воқеа Яшнобод тумани Султонали Машҳадий маҳалласидаги тадбиркорлик объекти ҳудудида қўшимча бино қуриш учун ер ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган.

Ўрганиш давомида қурилиш ишлари белгиланган шаҳарсозлик нормаларига зид равишда, тегишли рухсатномаларсиз бошлангани аниқланган. Ер ишлари жараёнида қурувчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қабристон деворига шикаст етказилган ва айрим қабрларга зарар етган.

Аввалроқ собиқ шампан заводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари туфайли Боткин қабристони девори қулаб тушгани ва қабристондаги қабрларни шикастлагани маълум қилинган эди.