Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Литванинг TVG Group халқаро транспорт компанияси директори Албертас Ситавичюс билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Музокараларда қонуний ва тартибли меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш ҳамда унинг йўналишларини диверсификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон фуқароларини Литвада ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари учун профессионал ҳайдовчилар тайёрлаш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.















