Президентнинг 10 сентябрдаги фармони билан «Статистикани ривожлантириш — 2030» миллий стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланган.
Фармонга мувофиқ, 2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари асосида Миллий статистика қўмитасида аҳолининг статистик регистри шакллантирилади.
Унинг асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ва бу ҳақдаги маълумотларни мунтазам эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Бунинг учун давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилади. Шунингдек, маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш мақсадида ушбу базалар аҳолининг статистик регистрига интеграция қилинади.
Регистр ишга туширилишидан олдин «Киберхавфсизлик маркази» томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилади. Тегишли хулоса олингандан кейингина тизим амалиётга жорий этилади. Кейинчалик ахборот тизимининг хавфсизлиги доимий мониторинг қилиб борилади.
Аҳолининг статистик регистридан фақат махсус рухсат берилган ходимлар статистик мақсадларда жамланма маълумотларни шакллантириш учун фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга, регистрда сақланадиган индивидуал маълумотлардан давлат органлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
Фармон билан қишлоқ хўжалигининг статистик регистрини ҳам шакллантириш белгиланган. Ундаги маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш таъминланади.














