Президент томонидан 11 сентябр куни «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Қонун суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутади.

Ҳужжатга мувофиқ, судлар фаолияти фақат Ўзбекистон давлат бюджетидан молиялаштирилади. Бунда ажратиладиган маблағлар одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Навбатдаги йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд, Олий суд ҳамда Судялар олий кенгаши фаолиятини молиялаштириш учун алоҳида маблағлар назарда тутилади.

Молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш ҳам тегишли суд ҳокимияти органларининг ўзи томонидан амалга оширилади. Хусусан, Конституциявий суд учун ажратилган маблағларни Конституциявий суд, Олий суд маблағларини Олий суд, Судялар олий кенгашига ажратилган маблағларни эса Кенгашнинг ўзи тақсимлайди.

Ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек, ҳудудий маъмурий, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва бошқа судларга ажратилган маблағларни тақсимлаш Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.