Умид Обидхўжаев иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Мазкур тайинловга қадар у 2021 йил май ойидан бери Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Умид Обидхўжаев 1987 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетини, 2014 йилда Япониянинг Кэйо университети магистратура босқичини ҳамда 2017 йилда Кэйо университети докторантура босқичини иқтисодиёт йўналиши бўйича тамомлаган.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Давлат мулки қўмитасининг Ташқи алоқалар ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси етакчи мутахассиси лавозимида бошлаган. У 2014–2016 йилларда Японияда Осиё тараққиёт банки институтининг инфраструктура инвестициялари бўйича илмий ходим, 2017–2018 йилларда Осиё тараққиёт банкининг Осиё ва Тинч океани минтақасидаги инфратузилма инвестицияларини баҳолаш институти лойиҳаси бўйича маслаҳатчиси, 2018–2019 йилларда Япониядаги Кэйо университетида иқтисодиёт бўйича илмий ходим лавозимида фаолият юритган.
2019 йилда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Инфратузилма лойиҳаларини таҳлил қилиш гуруҳи раҳбари вазифасини вақтинча бажариб, Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Шунингдек, Илҳом Умрзоқов иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари — Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти директор лавозимига тайинланди.
Gazeta.uz’нинг ёзишича, у Токио университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Марказий банкида етакчи иқтисодчи сифатида бошлаган, шунингдек, Халқаро захираларни бошқариш департаментида ишлаган. Кейинроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Макроиқтисодий сиёсат, таҳлил ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи бўлган, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабини бошқарган (2020-2021 йиллар).


















