Bloomberg агентлиги 23 октябр куни масаладан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, Германия мудофаа вазирлиги АҚШнинг Covenant компаниясидан бир неча мингта ердан учириладиган Anthem ракетасини харид қилиш бўйича музокара ўтказмоқда. Эҳтимолий шартнома қиймати бир миллиард евродан ошиши мумкин.
Covenant 2027 йилдан Германиянинг Лейпциг шаҳрида Anthem ракеталари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирган. Компания дастлабки йилда мингта ракета чиқаришни, кейинчалик ишлаб чиқариш ҳажмини беш мингтага етказишни кўзламоқда.
Берлин кўриб чиқаётган бошқа эҳтимолий етказиб берувчилар орасида Ruta қанотли ракеталарини ишлаб чиқарувчи Нидерландиянинг Destinus SA компанияси ҳам бор. Германия ва Британиянинг Hypersonica компанияси эса HS1 гипертовушли ракетасини яратиш устида ишламоқда.
Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, Украина билан «Барс» қанотли ракеталарини биргаликда ишлаб чиқариш ва харид қилиш юзасидан ҳам маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Bloomberg ушбу ракеталарни ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумот берилмаганини қайд этган.
Муқобил вариантларни излаш АҚШдан Tomahawk ракеталари ва уларни ердан учиришга мўлжалланган Typhon қурилмаларини олиш режалари кечикиши мумкин бўлган шароитда кечмоқда. Агентлик маълумотига кўра, етказиб беришдаги кечикиш беш йилгача чўзилиши эҳтимоли бор.
Хабарда қайд этилишича, Германия қуролли кучларининг ушбу тоифадаги мавжуд қуроллари асосан самолётдан учириладиган, тахминан 500 километр масофага ета оладиган TAURUS қанотли ракеталаридан иборат.
Ҳозирча гап эҳтимолий харидлар ва музокаралар ҳақида бормоқда. Bloomberg келтирган маълумотларда якуний шартномалар имзолангани айтилмаган.

















