Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2026 йил 17 октябрдаги 233-сон буйруғи Адлия вазирлигида 23 октябр куни 3963-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Рўйхатда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этмаслик юқори хавф солувчи омил сифатида белгиланган. Назорат қилувчи орган сифатида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўрсатилган.
Бундай омилни баҳолаш учун ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ҳамда умумий ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг рўйхатда санаб ўтилган бандлари асос бўлади.
Шунингдек, ҳужжатда бинолар ва муҳандислик тизимларига оид шаҳарсозлик нормаларининг муайян талаблари қамраб олинган. Улар орасида:
— бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги;
— ёнғин автоматикаси тизимлари;
— газ, ички ва ташқи сув таъминоти;
— иситиш, вентиляция ва кондициялаш;
— турар жой ва жамоат биноларининг электр жиҳозлари;
— табиий ва сунъий ёритиш;
— томлар, томқопламалар ва ёғоч конструкцияларга оид талаблар бор.
Рўйхат турар жой, жамоат ва маъмурий бинолар, тиббиёт, таълим ва маданият ташкилотларини лойиҳалашга оид нормаларни ҳам қамраб олган.
Бундан ташқари, автотураргоҳлар, қозонхоналар, омборхоналар, дон сақлаш ва унга ишлов бериш корхоналари, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги объектларига доир талаблар келтирилган. Автомобилларга ёнилғи қуйиш станциялари, нефт ва нефт маҳсулотлари омборлари ҳамда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича нормаларнинг аниқ бандлари ҳам рўйхатга киритилган.
Ҳужжатда ҳар бир йўналиш бўйича юқори хавфни белгилашга асос бўладиган норматив ҳужжат ва унинг тегишли бандлари санаб ўтилган. Буйруқнинг ўзида янги жарима миқдорлари белгиланмаган.
Буйруқ Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган. У расмий эълон қилинган кундан — 2026 йил 24 октябрдан кучга кирган.

















