17:10 / 06.06.2018
37726
Ўзбекистонда нафақалар тайинлашни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди
Фото: KUN.UZ

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида нафақалар тайинлашни қайта кўриб чиқиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

«Қонунчилигимизда жамоа хўжалиги (эски колхозлар)да ишлаб, нафақага чиққан шахсларга давлат томонидан нафақалар тайинлашда ноаниқликлар мавжуд. Яъни мазкур тоифадаги нафақахўрларга нафақа тайинлаш вақтида иш стажини ҳисоблашда бироз адолатсизлик билан ёндашилмоқда», - дейилади мурожаат матнида.

Қайд этилишича, архив ҳужжатларига асосланган ҳолда жамоа хўжалигида ишлаган шахснинг 365 кунлик меҳнати бир йил ҳисобида кўрилмоқда. Натижада, агар жамоа хўжалиги аъзоси 25 йил ишлаган бўлса – 11 йил, 37 йил бўлган бўлса – 23 йил, 40 йил ишлаган бўлса – 25 йил ҳисоблаб чиқарилмоқда. 

«Ажабланарлиси, ушбу муддатдан келиб чиққан ҳолда нафақа миқдори тайинланмоқда. Узоқ йиллар умрини жамоа хўжалиги ишига бағишлаган оддий одамларга шу йўсинда пенсия тайинланиши адолатдан бўлармикан», - дейилган матнда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жамоа хўжалиги (эски колхозлар)да ишлаб, нафақага чиққан шахсларга давлат томонидан тўланадиган нафақалар тизимини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарималар ўрнига огоҳлантириш бериш таклиф қилинганди. 

Top