
«Ҳозирда Италиядан Ўзбекистонга кўплаб инвесторлар келмоқда - чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳит муҳофазасига оид лойиҳаларни ишлаб чиқариш жараёнидамиз. Италиялик мутахассислар, инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб қилиш мазкур меморандумда ўз аксини топди. Италия томон инвестиция олиб келишга, бизга ёрдам беришга, биз билан ишлашга хайрихоҳ», - дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров.

Тошкентда ўтган Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали конференцияси олтинчи марта ўтказилаётгани боис унда ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишларга танқидий баҳо берилди ва қоғоздан амалиётга ўтиш вақти келгани таъкидланди. Мазкур платформадан кўпроқ амалий мақсадларда фойдаланишга келишилди.
Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, соҳада кўп ишлар қилинган, лекин мувофиқлаштириш, натижадорлик, самарадорликка баҳо берилмаган.
Бундан ташқари, конференцияда Орол бўйи минтақасидаги иқтисодий, ижтимоий, экологик вазиятни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди ва бу борадаги ташаббуслар Марказий Осиё давлатлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Якуний ҳужжатда Ўзбекистоннинг мана шу позицияси - Президентнинг Оролни қутқариш жамғармаси саммитида илгари сурган ғоялари ўз аксини топган.


