Нашр маълумотларига кўра, Мэй оммавий истеъфога йўл қўймаслик ва ЕИдан келишувсиз чиқиб кетишдан воз кечишга тайёр. Куни кеча британиялик 23 нафар қонун чиқарувчи махфий учрашув ўтказиб, Brexit’нинг келишувсиз сценарийсини қандай қилиб тўхтатишни муҳокама қилган. Британия парламенти аъзолари агар Мэй келишуви рад этилса, бош вазирдан Brexit кечиктирилишига эришмоқчи.

Нашрнинг қайд этишича, улар орасида бизнес ишлари бўйича вазир Грег Кларк, адлия вазири Дэвид Гауке, шунингдек, меҳнат ва пенсиялар вазири Эмбер Радд ҳам бор. Тори партияси бошқа аъзолари ҳам келишувсиз Brexit’га йўл қўймаслик учун истеъфога чиқишга тайёр турибди. Партиянинг 25 нафар аъзоси ҳам Мэйга қарши «қўзғолон»ни қўллаб-қувватлаши мумкин, деб ёзади нашр.

Консерватив партиядаги манбанинг сўзларига кўра, агар 20 нафар вазир истеъфога чиқса, бу «Британия ҳукумати учун жуда ёмон оқибатларга олиб келади».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОАВ Британия ҳукумати Brexit’ни кечиктиришга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.