8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

11:00 / 19.05.2019 18097

«Ювентус» мураббийлиги учун асосий номзод маълум бўлди

Массимилиано Аллегрининг истеъфосини эълон қилган «Ювентус» бош мураббийлиги учун асосий номзод «Лацио»да фаолият кўрсатаётган Симоне Индзаги ҳисобланади. Бу ҳақда Corriere dello Sport манбаси хабар бермоқда.

Италиялик мутахассиснинг «Лацио» билан шартномаси муддати 2020 йилга қадар тузилган, аммо бироз аввалроқ у клубни тарк этиши истисно этилмаслиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Football Italia маълумотига кўра ҳам айнан у Аллегрини алмаштириш учун асосий номзоддир.

Аллегри «Ювентус»ни 2014 йил ёзидан буён бошқариб келмоқда. Сўнгги беш мавсумда туринликлар узлуксиз чемпион бўлиб келишганди ва икки марта Чемпионлар лигаси финалига чиқишганли, жамоа 2015 йилда «Барселона»га (1:3), 2017 йилда «Реал»га (1:4) ютқазганди.

ЕЧЛнинг жорий мавсумида бьянконерилар 1/4 финалга етиб боришди ва «Аякс» тўсиғидан ўта олишмади (1:1 ва 1:2). А Серияда жамоа мавсум якунига икки тур қолганида энг яқин таъқибчиси «Наполи»ни 13 очкога ортда қолдириб, муддатидан олдин чемпионга айланишди.

Бундан аввалги хабарларда «Ювентус» бош мураббийлиги учун номзодлар қаторида Дидье Дешам, Маурисио Сарри, Карло Анчелотти, Антонио Конте, Хосеп Гвардиола ва Маурисио Почеттино каби мутахассислар номи саналганди. Бу рўйхатдагилардан Конте катта эҳтимол билан «Интер» бошқарувига келади, Гвардиола эса «Сити»да қолишини маълум қилган.

Top