14:13 / 18.10.2019
2
13485
Қонунчилик палатаси: Суд мажлиси томошахона эмас
Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 октябрь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда кун тартибига 12 та масала қўйилди. 

Кун тартибидаги масалалардан бири - “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидан чиқарилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш бир овоздан рад этилгани, шунингдек, бошқа фракцияларда ҳам жиддий саволлар ва эътирозлар бўлгани айтиб ўтилди.

— Шунга қарамай, бугун мазкур масала яна ялпи мажлис кун тартибига киритилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқов. — Табиий савол туғилади, нега фракция аъзолари бўлган депутатлар ушбу қонун лойиҳасига қатъий қарши чиқмоқда? Биз бунёдкорлик ишлари авж олган, шиддатли ислоҳотлар давом этаётган даврда яшамоқдамиз. Аҳолимизнинг руҳиятини кўтариш, эртанги кунга ишончини ошириш устувор масалага айланган бугунги кунда суд мажлисида кўрилаётган икки тараф ўртасидаги турли муаммоларни телевидениеда ёки ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри намойиш этиш одамларимизга, айниқса, ёшларимизга қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўз олдимизга келтирсак, масала нақадар жиддийлиги яна ҳам намоён бўлади.

Қолаверса, “айбсизлик презумпцияси”га кўра, шахс қонуний кучга кирган суд ҳукми чиқмагунга қадар айбсиз ҳисобланади. Қонун лойиҳаси ташаббускори эса, ҳали айбдор деб топилмаган шахс ҳақида жамоатчиликка муайян шахснинг айбдор ёки жиноятчи сифатида танилишига олиб келувчи нормани таклиф этмоқда.

Тасаввур қилинг: бир одамни судда иши кўрилаётганини телевидение орқали тўғридан-тўғри кўрсатса, у келгусида айбсиз бўлиб чиқса, борингки, айбдор бўлса ҳам унинг кўча-куйда, маҳаллада, қариндош-уруғ, қуда-анда, халқ орасида ёмонотлиққа чиқишга олиб келади. Бу эса, унинг оила аъзолари, фарзандларининг ҳам жамиятдаги, иш, ўқиш жойларидаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Ор-номус, уят деган нарсалар бор. Ҳаётимизда эл орасида шарманда бўлиш оқибатида ўз жонига қасд қилганлар ҳам борлигини унутмаслик керак.

Иккинчидан, суд мажлиси томошахона эмас, тарбиявий жараён ҳам эмас аслида. Сабаби, тарбиявий жараён якуний қарор чиққанидан кейин амалга оширилади. Табиийки, суд жараёнида тарафларнинг шахсига, ҳаётига, қадр-қимматига алоқадор бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилинади.

Бизнингча, ҳар қандай суд мажлисини ОАВда тўғридан-тўғри ёритиш инсоннинг шахсий ҳаётига аралашишдир. Айни пайтда, Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари дахлсиз ва олий қадрият экани кўрсатилган. Қолаверса, Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасида “инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, деб ҳам белгилаб қўйилган”, - дея Акмал Умрзоқовнинг фикрларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шундан сўнг, фракция аъзоларининг таклифи овозга қўйилди ва қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилиб, масъул қўмитага қайтарилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top