17:00 / 31.10.2019
0
10283
Мева-сабзавот экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда инфляция даражасига (16 фоиз) таъсир этаётган яна бир омил маҳсулотлар таннархи юқорилиги экани қайд этилган. Шу боис мутасаддиларга давлат улуши бўлган барча корхоналарда маҳсулот таннархини таҳлил қилиб, қувватларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, зарур ҳолларда хусусий секторга бериш бўйича вазифалар қўйилган. 

Келгуси йилда 153та йирик инвестиция лойиҳасини шунчаки фойдаланишга топшириш эмас, балки рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилган.  

«Сўнгги йилларда ташкил этилган 23та корхона паст қувватларда ишлаётгани, режалаштирилган айрим лойиҳалар ўз вақтида фаолият бошламагани танқид қилинди. 

Вазирлар Маҳкамасига иқтисодий ўсиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, бюджетга тушумларни кўпайтирадиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга масъул бўлган доимий Ишчи комиссия тузиш, инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда экспорт таркиби, ташқи бозордаги талаб ва юртимиз корхоналарининг ундаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. 

Ўзбекистон экспортининг 50 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен каби хомашёлар ташкил этаётгани, арзон хомашё мавжуд бўлган тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш ва экспорт етарлича йўлга қўйилмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, мамлакатимизда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзчармсаноат» уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти сўнгги икки йилда 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллион долларга етган бўлса ҳам, унинг деярли ярмини ип-калава ташкил этмоқда.

Шу боис Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига экспортда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Яна бир таҳлил: дунёда мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозори 205 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бу бозордаги улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55та туманда экинларни тўғри жойлаштириш, «маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ёки қайта ишлаш – экспорт» занжирини яратувчи кооперациялар ташкил этиш орқали экспорт ҳажмини босқичма-босқич 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Машинасозлик ва электротехника товарларининг қўшилган қиймати юқори, дунёда уларга доимий талаб ҳам бор. Лекин тармоқ корхоналари бу имкониятдан тўла фойдаланмаяпти. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутасаддиларига қўшни давлатлар билан савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмини 2-3 баробар ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Охирги уч йилдаги фаол инвестиция оқими туфайли соҳа ва ҳудудларга кўп маблағ йўналтирилгани қайд этилар экан, жалб қилинаётган ҳар бир долларнинг натижадорлигига асосий эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

«Барча раҳбарлар аниқ билиб олсин – қатъий ҳисоб-китоб, техник-иқтисодий асосларсиз бирор бир лойиҳани молиялаштиришга рухсат берилмайди», – деди Президент. 

Бош вазир раҳбарлигида ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар натижадорлигини назорат қилиш бўйича комиссия ташкил этиб, масъул идораларнинг ҳисоботини қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top