Унда сиёсий партиялар дебати ўтказилмоқда. Тадбирда тарихий маданий меросни асраб-авайлаш, Ўзбекистоннинг халқаро имижи, туризмни ривожлантириш, бағрикенглик ғоясини тарғиб қилиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Тадбир давомида сиёсий партиялар етакчиларига қурилаётган ситилар бўйича савол берилди.
ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитовнинг сўзларига кўра, ситилар масаласи маданий мерос объектлар ҳисобига бўлмаслиги керак.
«Биз меҳмондўст халқмиз, ширин овқатимиз, сувимиз, буюк тарихимиз бор. Биз ташқи туристлар кўп келадиган давлатга айланамиз», - деди у.
«Адолат» социал-демократик партияси етакчиси Наримон Умаровнинг айтишича, пойтахтда жойлашган Эски шаҳардаги барча биноларни сақлаб қолиш лозим.
«У ерда 200 йил олдин қурилган уйлар билан нима бўлади? Тошкент шаҳар келажаги, керак бўлса, шаҳардан бироз четда қурилсин», - дейди Н. Умаров.
«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳар бир янги объект халқимиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб қурилиши кераклигини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси лидери Улуғбек Иноятовга кўра, тарихий объектларни асраш керак.
«Лекин замонавийлик нуқтаи назаридан халқ, чет эллик сайёҳлар учун қулай бўлган объектларни ҳам қуриш керак», - дея айтиб ўтди У. Иноятов.
Ўзбекистон экологик партияси етакчиси Борий Алихонов айтишича, ситилар ҳам керак.
«Лекин хорижга борсак, тарихий обидалар билан танишиш учун борамиз. Тарихий обидаларни сақлашни мақсад қилиб қўйганмиз», - дейди Б. Алихонов.



