2020 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 700дан ортиқ олим ва профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида маълум қилди.

«Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш лозим», – деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилади.

«Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт», – дея таъкидлади Мирзиёев.

Мурожаатномада, шуниндек, илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозимлиги қайд этилди.