08:01 / 27.01.2020
0
28278
Баскетбол афсонаси Коби Брайант ҳалок бўлди 
Фото: Getty Images

Миллий баскетбол ассоциациясининг (МБА) афсонавий ўйинчиси Коби Брайант Калифорнияда шахсий вертолётининг қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда TMZ Sports нашри хабар берди. 

Маълум қилинишича, 41 ёшли баскетболчига тегишли Sikorsky S-76 вертолёти 26 январь куни соат 10лар атрофида Калифорния жанубидаги Калабасас шаҳрида ҳалокатга учраган.

Вертолётда Брайантдан ташқари яна 9 киши, жумладан унинг 13 ёшли қизи Жанна Мария, унинг дугонаси отаси билан бирга бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Брайант қизи билан машғулотга кетаётган бўлган. 

Фото: Stephen R. Sylvanie-USA TODAY Sports

Таъкидланишича, воқеа юз берган вақтда ҳалокат ҳудудида туман бўлган. Гувоҳларнинг маълум қилишича, вертолёт ҳалокатга учраши олдидан ўз ўқи атрофида айлана бошлаган. У қояга урилиб, ёниб кетган.

Собиқ баскетболчи ушбу вертолётдан кўп йиллар давомида фойдаланган. Жумладан, Брайант унда Ньюпорт-Бич шаҳридан “Лейкерс”нинг ўйинларига қатнаган.

Авиаҳалокат сабаби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Тергов давом этмоқда.

Баскетболчининг ортидан унинг рафиқаси Ванесса ва яна уч қизи - Наталья, Бьянка ва яқинда туғилган Капри қолди.

Баскетболчи вафоти муносабати билан кўплаб таниқли инсонлар, сиёсатчилар ва спорт ташкилотлари ҳамдардлик билдирди. Улар орасида АҚШ президенти Дональд Трамп, собиқ президент Барак Обама, Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро баскетбол федерацияси бор. 

“Икки карра Олимпия чемпиони Коби Брайант авиаҳалокатда ҳалок бўлди. Коби Брайант тинч ёт, сен доим бизнинг юракларда бўласан”, деб айтилган ХОҚ хабарида.

Кобе Бин Брайант МБАнинг собиқ ўйинчиси бўлиб, 20 мавсум давомида бир жамоа – “Лос-Анжелес Лейкерс” учун ўйнаган ва унинг таркибида 5 марта МБА чемпиони бўлган. Спортчи шунингдек АҚШ терма жамоаси сафида 2008 ва 2012 йилларда Олимпиада чемпиони бўлган.

Брайант МБА тарихидаги 4-рақамли энг сермаҳсул ўйинчи ҳисобланади. У ўз фаолиятида давомида 33643 очко йиғишга муваффақ бўлган. У фаолиятини 2016 йил апрелда якунлаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top