15:40 / 30.01.2020
9
18861
ССВ: Хитойдан келган фуқаролар эпидемиологлар томонидан 14 кун давомида назоратга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Хитойдан келган Ўзбекистон фуқаролари тиббий текширувлардан ўтказилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Мамлакатимиз ҳудудига коронавирус кириб келишининг олдини олиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, татбиқ этилган. Жумладан, Давлат чегара постларидан ўтаётган фуқароларни тиббий назорат кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда республикамизда Давлат чегараларининг кесишиш жойларида 52та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Юртимиз ҳудудига ушбу инфекциянинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Давлат чегара постларидан ўтаётган фуқаролар тиббий назорат кўригидан ўтказилмоқда, шунингдек, тепловизор ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати масофадан туриб ўлчанмоқда ва умумий ҳолати текширилмоқда. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун нафақат санитария назорат пунктлари тиббиёт ходимлари, балки шифокор инфекционистлар ҳам жалб этилган.

Сўнгги ўн кун ичида ана шундай текширувлар натижасида Хитойдан келган фуқароларнинг 59 нафаридан вирусологик текширув ўтказиш учун намуналар олинган. 19 нафар шахс эса Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ташкил этилган бўлимга мурожаат этган ва тиббий назоратдан ўтказилган. Шу ўринда айтиш керакки, айни пайтга қадар уларнинг бирортасида ҳам коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган. Бундан ташқари, Хитойдан келган фуқаролар яшаш манзили бўйича оилавий поликлиникалар тиббиёт ходимлари ва эпидемиологлар томонидан 14 кун давомида назоратга олинмоқда.

Бундан ташқари, Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги томонидан грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ҳам мониторинг олиб борилмоқда. Натижаларга кўра, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ўтган йилга нисбатан бирмунча мавсумий кўтарилиш кузатилган бўлса-да, ушбу касалликлар бўйича ўлим ҳолатлари қайд этилмади.

Коронавирус ҳамда ўткир респиратор инфекциялар бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар изчил давом этмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда тарқалаётган коронавирусни юқтириш оқибатида вафот этганлар сони 170 нафардан ошган. Дунё бўйича касалланганлар сони эса 8 мингга яқинлашмоқда. Бугунги кунда ушбу вирусга чалиниш ҳолати 16та давлатда қайд этилган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top