18:31 / 21.02.2020
0
4529
Олий суд пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Пленум аъзолари илк бор судьялик мантиясида иштирок этди

2020 йил 21 февраль куни Олий суд Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Пленум аъзолари Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба йиғилишда Сенат қарори билан тасдиқланган судьялик мантиясида иштирок этди.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Пленумнинг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу қарор лойиҳаси судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратишлари лозим.

Пленум тўрт ойда камида бир марта чақирилади.

Суд муҳокамаси ошкоралигини, фуқаролар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборотдан хабардорлигини таъминлаш Конституция, “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларига  ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, тегишлича, Фуқаролик процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. 

"Судлар тўғрисида"ги қонунга асосан, Олий суд Пленумининг мажлисларида Бош прокурор ҳам қатнашади.

Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Конституциянинг 112-моддасига кўра судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Дилшод Саиджонов - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори в.б.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Козимжон Комилов - Олий суд раиси

Йиғилишда таъкидланганидек, Пленумда муҳокама этилган масалалар жуда долзарб ҳамда аҳамиятлидир.

Мазкур Пленум қарорларининг қабул қилиниши судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлашга, таъсирчан жамоатчилик назоратини шакллантиришга ҳамда суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ишларни кўришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган. 

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top