15:55 / 03.03.2020
0
9380
Австрия канцлери Туркияга босим ўтказишга чақирди 

Унинг сўзларига кўра, ноқонуний мигрантларнинг ЕИ, Греция ҳудудига ўтишга уринишлари Туркия раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган. 

Фото: EPA-EFE/CHRISTIAN BRUNA

Европа иттифоқи Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ноқонуний мигрантлардан ўз сиёсий мақсадларида ЕИга қарши фойдаланмаслиги учун унга босим ўтказиши керак. Бу ҳақда Австрия канцлери Себастьян Курц ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳукуматнинг фавқулодда йиғилиши якунида айтди. 

Унинг сўзларига кўра, ноқонуний мигрантларнинг ЕИ, Греция ҳудудига ўтишга уринишлари Туркия раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган. 

"Президент Эрдўған ўзининг ноинсоний ҳаракатини ўзгартириши ва мигрантлардан ўз сиёсий мақсадларида фойдаланишни давом эттирмаслиги учун биргаликда босим ўтказиш керак. 2015 йил такрорланмаслигини биргаликда таъминлашимиз керак", - деди Курц.

"Мигрантлар Грецияга Идлибдан, яъни Суриядан келмаяпти. Бу одамларнинг бир қисми узоқ йиллардан бери Туркияда. Президент Эрдўған бу жараённи онгли равишда ташкиллаштирди. Автобуслар бериляпти, мигрантларга маълумотлар тақдим этиляпти. Грецияга юришни онгли равишда уюштиришга уринишяпти. Президент Эрдўған одамлардан Европа иттифоқига қарши тўп, қурол, босим воситаси сифатида фойдаланмоқда", - деди у.

Грециянинг Туркия билан чегарасида вазият кескинлашган. Шанба кунидан буён ноқонуний мигрантларнинг чегарани кесиб ўтишга бўлган 24 мингдан ортиқ уринишининг олди олинди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top