16:06 / 21.03.2020
108146
Карантиндан қочган шахс ушланди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

 Паркент тумани ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида карантинда бўлиб туриб, белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай қочган шахс ушланди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 19 март куни Россия Федерациясининг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига кириб келган поезд йўловчилари эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда, Самарқанд вилоятига ташкил этилган карантин марказларига жойлаштирилган. Аммо Паркент туманида яшовчи 1954 йилда туғилган фуқаро Т. Э. белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай карантиндан қочган. Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида изоляцияга олинган.

Шунингдек, бу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 257(1)-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз. Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади.

“Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” – дейилади Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top