15:10 / 28.03.2020
52875
Германиялик олимлар коронавирус тарқалишининг сценарийсини башорат қилишди

Немис олимлари хулосасига кўра, коронавирусни аниқлаш учун оммавий тарзда тест қилинса ва касаллар карантинга олинса, мамлакат аҳолисининг 1 миллиони хасталаниши, 12 мингга яқини вафот этиши мумкин. Бу чоралар амалга оширилмаса, вафот этганлар сони 1 миллиондан ошади.

Фото: REUTERS/Wolfgang Rattay

Der Spiegel журнали, Süddeutsche Zeitung газетаси, шунингдек, NDR ва WDR телеканаллари хабарига кўра, Германия Ички ишлар вазирлиги «Қандай қилиб COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мумкин?» деган номдаги махфий ҳужжатни тайёрлаган. Унда мутахассислар Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланиб, аҳолини оммавий тестдан ўтказиб, касалланганларни изоляцияга олишни тавсия қилишган.

Тадқиқотчилар ўзига хос тажриба йўли билан воқеалар ривожини моделлаштиришди. Бунда 6 апрелдан бошлаб, кунига 50 мингта, 13 апрелдан бошлаб 100 мингта, апрель ойи охирида эса 200 мингта кишини тест қилиш кўзда тутилган. «Вазиятга аниқлик киритиш учун тест қиламиз» тамойилига асосланган эскича усулдан воз кечиб, «Вазиятни башорат этиш учун тест қиламиз» тамойилидан фойдаланиш тавсия қилинган.

Олимлар фикрига кўра, агар шу чоралар қўлланилса, Германияда 1 миллион одам коронавирусни юқтириб олади. Вафот этганлар сони 12 мингни ташкил қилади. Бундай кескин чоралар 2 ой давомида қўлланилиши шарт. Сўнгра ҳушёрликни сақлаб туриш лозим, чунки аҳолини ҳаммаси ҳам вирусга қарши иммунитетга эга бўлмайди. 

Агар давлат етарли чора-тадбирларни қўлламаса, 70 фоиз аҳоли коронавирусни юқтириб олади. Шифохоналардаги жуда катта навбатлар туфайли, касалларнинг 80 фоизига малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг иложи бўлмайди. Вафот этганлар сони эса 1 миллиондан ошади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top