18:30 / 04.04.2020
11520
Санъаткорлар коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус фондга 1,7 млрд сўм хайрия маблағи ўтказди  - Ўзбекконцерт

Бу ҳақида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров маълум қилди.

“Санъаткорлар ва бошқа ижодкорлар томонидан бугунги кунда “Меҳр-шафқат ва саломатлик” фондига 1,7 млрд сўмдан кўпроқ хайрия маблағи ўтказиб берилди. Ундан ташқари, 300 миллион сўмга яқин хайрия тадбирлари амалга ошириляпти. Бундай ишларимиз карантин тугагунга қадар давом этади”, - деди Одилжон Абдуқаҳҳоров Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида.

“Ўзбекконцерт” раҳбари санъаткорларнинг хайрия ишлари борасида сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрларга ҳам ўз муносабатини билдирди.

“Мен бир нарсани айтмоқчи эдимки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фақатгина санъаткорларнинг лицензиясини олиш ёки жазолаш билан шуғулланмайди. У бугунги кунда республикамизда концерт фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, санъаткорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ҳисобланади”, - деди Абдуқаҳҳоров.

Одилжон Абдуқаҳҳоров

У Марказий Осиёда фақатгина Ўзбекистонда санъаткорларнинг фаолияти қонунийлаштирилганини айтди.

“Ўзбекистонда санъаткорлар лицензия олиб фаолият юритади. Ўзбекистонда “отарчи” деган тушунча йўқ. Минг афсуски, айрим зиёлилар, таниқли инсонлар, фан арбоблари томонидан эфирлар ёки бошқа жойларда санъаткорларга нисбатан “отарчи” деб муносабат билдирилиши ижтимоий тармоқлардаги айрим “тирноқ ичидан кир қидирадиганлар”фуқароларга қўл келмоқда. 

Санъаткорларга нисбатан бундай ҳақоратомуз сўзларининг ишлатилиши санъаткорлар орасида ҳам айрим норозиликларга сабаб бўлди ва уларни ранжитди”, - деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

У бундан 3-4 ой илгари Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилгани, бугунги кунда эса тақдир тақозоси ана шу касб эгаларининг ёрдамига муҳтож эканимиз, улар кун қаҳрамонларига айлангани, ана шу воқеалардан тўғри хулоса чиқаришимиз кераклиги, санъаткорлар ҳам доимо халқ хизматида бўлган инсонлар эканини таъкидлади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top