17:24 / 17.04.2020
108368
Тошкент шаҳрида 20 нафар мактаб ўқувчисида коронавирус аниқланган – Баҳром Алматов

Республика давлат санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг айтишича, Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган 355 нафар беморнинг 52 нафари уй бекаси, 20 нафари  мактаб ўқувчиси, 12 нафари уюшмаган ёшлар вакили, 20 нафари ишсиз ҳисобланади.

Фото: KUN.UZ

У бу ҳақда 17 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган 355 нафар беморни касалликни юқтириш йўли бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, 106 та ҳолат чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келинган ва карантинда сақланган фуқаролар ўртасида аниқланган. Касалликка чалинган беморлар мамлакатимизга кириб келганидан кейин улардан 175 та ҳолатда инфекция бошқаларга ҳам юққани аниқланган.

Шунингдек, юқиш омили аниқланмаган 48та ҳолат мавжуд ва бу бўйича биз эпидемиологик текшириш ишларини давом эттирмоқдамиз. Бу жараёнга фуқароларимизнинг ўзлари, маҳалла, ички ишлар органлари, оилавий поликлиникалар ва бошқа идораларнинг мутахассислари жалб этилган.

Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланганларнинг 52 нафари уй бекаси, 20 нафари мактаб ўқувчиси, 12 нафари уюшмаган ёшлар вакили, 20 нафари ишсиз ҳисобланади. Қайд қилинган беморларнинг ижтимоий келиб чиқиши, касби, ёши, ҳаёт тарзи, улар билан мулоқотда бўлганларнинг фаолиятини ҳам чуқур ўрганган ҳолда таҳлил қилиб боряпмиз. Касалликнинг қай даражада юқиши, қайси мойил контенгентлар мавжудлиги ўрганилиб, касаллик хавфига дучор бўлган шахслар рўйхати тузилиб, уларнинг устидан тиббий назорат, қолаверса, лаборатория текширувлари орқали саломатлигига баҳо бериш йўлга қўйилган”, дея Баҳром Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, Тошкентда коронавирусни энг кўп 20–29 ёшдагилар юқтирган. Ушбу ёшдаги беморлар 88 нафарни ташкил қилади. Ундан кейинги ўринда 82 нафар бемор билан 30-39 ёшлилар турибди.

“Тошкент шаҳри бўйича жами қайд этилган 355 та ҳолатни туманлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Юнусобод туманида 68 та, Сергелида 48 та, Олмазорда 47 та, Шайхонтоҳурда 37 та, Яшнободда 35 та, Мирзо Улуғбек туманида 33 та, Мирободда 29 та, Учтепада 27 та, Яккасаройда 13 та ҳолат қайд этилган.

Ушбу кўрсаткичлар инфекциянинг аҳоли ўртасида тарқалганини эмас, балки беморлар қайд этилган муассасаларнинг жойлашувига, қолаверса, карантинда сақланаётган фуқароларнинг карантин маскани жойлашган манзилга ҳам бевосита боғлиқ. Шунинг учун биз ҳозир туманларда касалланганлар сони қайд этилишига қараб туриб бизнинг туманимизда камроқ ёки бошқа туманда кўпроқ экан деган фикрга боришимиз керак эмас.

Беморлар орасида 60 ёшдан катта ёшдагилар 32 нафарни, 50 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар 28 нафарни, 30-39 ёшдагилар 82 нафарни, 20–29 ёшдагилар 88 нафарни ташкил қилади. Шунингдек, беморларнинг 7 нафари 1 ёшгача, 3 нафари эса 1 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалардир”, дейди Баҳром Алматов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top