10:38 / 14.06.2020
17105
Зеленский Порошенконинг бош хатосини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский “Украинская правда” нашрига берган интервьюсида ўзидан аввалги президент Пётр Порошенко ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Фото: РИА Новости

Зеленскийнинг таъкидлашича, у сайловлардаги ғалабадан кейин Порошенконинг шахсий учрашув ҳақидаги таклифларини бир неча марта рад этган, чунки Порошенко у ҳақида ёлғон сўзлар тарқатган. Шу билан бирга амалдаги президент собиқ президентни тажрибали сиёсатчи ва манипулятор деб атаган.

“У мен ҳақимда, оилам ҳақида бўҳтонлар тарқатган, бу ботофермалар... Улар мени фақат ҳақорат қилган ва барча ёлғон шундадир: мени гиёҳвандга чиқаришди, яна нималардир... Мен бу ёлғонларнинг узун йўлидан ўтдим, сўнгра у президент сифатида нима қилгани ҳақида хулоса чиқардим. Мен унга ишонмайман, у менинг президентим эканлигига ишонмайман”, деб айтган Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Порошенко “халқаро ҳамкорларга у ҳақида уйдирмалар айтган”, шу сабабли Зеленский хорижий етакчилар билан учрашганда, уни “Украина душмани” сифатида қабул қилишган.

Шунга қарамай, икки сиёсатчининг учрашуви бўлиб ўтган. Украина президентининг таъкидлашича, Порошенко унга мамлакатга ёрдам бермоқчилигини ва “барчасини унутишни” таклиф қилган. Бироқ Зеленскийнинг айтишича, Порошенко билан келишиш бефойда.

“У билан келишиб бўлмайди – бу ҳақда унинг собиқ дўстлари, собиқ душманлари, биринчи президентларимиз айтмоқда. Улар “бундан фойда йўқ” деб айтишмоқда. Шунчаки бефойда”, деб ўз сўзларини давом эттирган Зеленский.

Унинг айтишича, у Порошенконинг бош хатосини англаб кетди.

“Унинг бош хатоси ўзини Украина президенти деб ҳисоблашидадир. Ҳанузгача шундай ўйлайди. Кейин ҳам шундай ўйлайди. 10 йил ўтгандан кейин ҳам у ўзини Украина учун нимадир қилган ягона киши, қолганларни эса ҳеч киммас, деб ҳисоблайверади”, деб таъкидлаб ўтган Зеленский. 

Top