16:10 / 16.06.2020
10837
Хитойлик ҳарбийлар билан тўқнашувда уч нафар ҳинд аскари ҳалок бўлди

Тўқнашув Ҳиндистон-Хитой чегарасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланган Галван водийсида содир бўлган.

Фото: Reuters

Хитой-Ҳиндистон чегарасидаги Ладакх области шарқида хитойлик ҳарбийлар билан юз берган тўқнашув оқибатида уч нафар ҳинд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон армияси матбуот хизмати хабар берди.

"Галван водийсида (Ҳиндистон-Хитой чегарасидаги баҳсли ҳудуд) ҳар икки томондан қурбонлар бўлишига олиб келган қуролли тўқнашув содир бўлди. Ҳиндистон томонидан бир офицер ва икки аскар ҳалок бўлди", - дейилади армия баёнотида.

Хабарда қайд этилишича, ҳозирда ҳар икки томон ҳарбий қўмондонликларининг юқори лавозимли вакиллари вазиятни барқарорлаштириш учун учрашув ўтказмоқда.

CNN телеканалининг маълумот беришича, Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь "ҳинд қўшинлари ноқонуний ҳаракатлар содир этиш мақсадида чегара чизиғини икки марта кесиб ўтишгани ҳамда иғвогарона ҳаракатларни амалга ошириб, хитойлик ҳарбий хизматчиларга ҳужум уюштиргани, бу икки томон ўртасида жиддий низога сабаб бўлган"ини айтган.

Икки давлат чегараларидаги кескинлик ўтган ойда кучайди. Пекин ва Деҳли бир-бирини демаркация чизиғини бузиб ўтишда айблаб келмоқда.

Top