13:51 / 25.08.2020
11650
Бола парвариши бўйича нафақа ҳамда моддий ёрдам тўловлари миқдори ва муддатлари бўйича маълумот берилди

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак. АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори асосида тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади», деди вазирлик вакили.

Шунингдек, 2 ёшгача бола парвариши нафақаси, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, президентнинг 2019 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра,

2020 йил 1 февралдан бошлаб республика ҳудудида 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, 2 ёшгача бола парвариши нафақаси, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари белгиланган.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:

  • бир болали оилаларга – 131 000 сўм;
  • икки болали оилаларга – 217 000 сўм;
  • уч ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304 000 сўм;
  • 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434 000 сўм;
  • кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача этиб белгиланган.
Top