09:26 / 27.09.2020
4976
Самара областидан 940 дан кўпроқ ўзбекистонлик поездда ватанга жўнатилди    

26 сентябрда Россиянинг Самара областидан Ўзбекистонга 943 нафар ўзбекистонлик поездда жўнатилди. Бу ҳақда область маъмурияти матбуот хизматида маълум қилинди.  

25 сентябрда ҳам областдан 800дан кўпроқ ўзбекистонлик автобусларда ватанга жўнатилган.   

Аввалроқ Самара областидаги вақтинчалик пунктда кўп сонли ўзбекистонлик мигрантлар тўплангани, уларнинг барчаси областга ватанга қайтиш умидида келгани маълум қилинганди. 

Улар учун дастлаб Большечернигов туманида, ҳозирда эса Кинел туманида чодирли лагер ташкиллаштирилган. Бу ерда тиббий хизмат, сув келтириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда биринчи эҳтиёж буюмлари савдоси йўлга қўйилган, хорижий фуқаролар ва маҳаллий аҳолининг хавфсизлиги таъминланган.

Ўзбекистонликларни областдан олиб чиқиш бўйича иш федерал даражада ташкиллаштирилган бўлиб, бу мақсадда махсус ишчи гуруҳ тузилган. 

Умуман олганда, май ойидан бери Самара областидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган. 12, 14, 19 ва 23 сентябрда областдан поездда 3,5 минг киши Ўзбекистонга жўнатилган, 16 сентябрда эса 150га яқин киши самолётда учиб кетган.

Top