16:29 / 30.09.2020
7512
ОЧЛ чоракфинал превьюси. «Пахтакор» Эроннинг энг кучли клубига қарши

Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон чемпиони «Пахтакор» клублар ўртасида қитъанинг энг нуфузли турнири саналмиш Осиё Чемпионлар лигаси чоракфинали доирасида Эрон чемпиони «Персеполис»га қарши майдонга тушади.

Фото: FC Pakhtakor

«Персеполис» қандай жамоа?

Сўнгги тўрт мавсумдан буён Эроннинг энг кучли клуби номини ўзида сақлаб келаётган «Персеполис» жамоаси охирги мавсумда ҳам мамлакат чемпионатида энг яқин таъқибчиси «Истиқлол»ни 14 очкога ортда қолдириб, форс Про лигасида ғолибликни қўлга киритди.

«Персеполис» Эроннинг энг совриндор клуби ҳам саналади. Теҳронликлар 13 марта Эрон чемпионати, 6 бор Эрон кубоги ва 3 бор Эрон Суперкубогини қўлга киритган. Якунига етган мавсумда айнан ушбу жамоа чемпионликка эришди. Жамоани бир неча йиллар клубда ўйнаган Яҳё Гулмуҳаммади бошқариб келмоқда.

Теҳрон клуби Осиё чемпионлар лигасида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. «Қизил армия» ОЧЛ доирасидаги сўнгги 15 кунда ўтказган 5 ўйинида бор йўғи 1та ўйинда гол ўтказиб, 4 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этган.

«Персеполис»нинг сўнгги 5 ўйини:

ОЧЛ. 15.09. Персеполис – Ал-Тавуун – 1:0

ОЧЛ. 18.09. Ал-Тавуун – Персеполис – 1:0

ОЧЛ. 21.09. Персеполис – Лаҳвия – 0:1

ОЧЛ. 24.09. Персеполис – Шаржа – 4:0

ОЧЛ. 27.09. Персеполис – Ас-Садд – 1:0.

Эрон миллий жамоаси асоси

«Персеполис»нинг «Пахтакор»га ўхшаш жиҳати бу клуб ҳам ўз мамлакатининг сўнгги йиллардаги тенгсиз жамоаси саналади. Қолаверса, айнан пойтахт Теҳрон клуби сафидан Эрон миллий жамоасининг аксарият футболчилари ўрин олган.

«Персеполис»нинг Чемпионлар Лигаси учун футболчилар рўйхати билан танишинг:

Дарвозабонлар: 34. Амирмуҳаммад Юсуфи, 44. Бозидар Радосевич (Хорватия), 63. Амирҳуссайн Баят, 81. Ҳамид Лак.

Ҳимоячилар: 3. Шожаи Ҳалилзода, 4. Саид Жалол Ҳуссайни, 6. Муҳаммадҳуссайн Канани, 15. Муҳаммад Ансари, 17. Меҳди Шири, 28. Муҳаммад Нодири, 38. Эҳсон Ҳуссайни, 77. Саид Оғайи, 88. Сиамак Неъмати.

Яримҳимоячилар: 2. Омид Алишоҳ, 5. Башар Ресан (Ироқ), 8. Аҳмад Нуроллоҳи, 11. Камолиддин Камябиниа, 14. Эҳсон Паҳлавон, 18. Муҳсин Рабихон, 19. Воҳид Амири, 23. Али Шожайи, 26. Саид Ҳуссайнпур, 66. Милад Сарлак.

Ҳужумчилар: 16. Меҳди Абди, 20. Амир Рустойи, 25. Ариа Барзегар, 36. Арман Рамазони, 72. Исо Ал-Касир.

Ўзаро ўйинларда устунлик кимда?

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ушбу рақиб билан ОЧЛда 3 марта майдонга тушиб, 2 ғалаба ва бир дурангни қайд этган. 2003 йил Анвар Солиевнинг ягона голи ғалаба келтирган бўлса, ўтган йили гуруҳ босқичида Теҳронда 1:1 (Марат Бикмаев) ва Тошкентда 1:0 (Игорь Сергеев) натижаси кузатилган. Хусусан, ўтган мавсум пойтахтимиздаги баҳсда Арвеладзе шогирдлари «Персеполис»ни минимал ҳисобда мағлуб этишганди.

Осиё клублари мусобақаларида «Пахтакор» Эрон жамоалари билан 20 марта тўқнаш келиб, 14 ўйинда зафар қучган. Икки ўйинда дуранг қайд этилиб, рақиблар 4 бор ғалаба қозонган. Рақиб дарвозасига 30 тўп киритилиб, 17 гол ўтказиб юборилган.

Дисквалификация

Рақиб сафида қизил карточка олгани сабабли ҳимоячи Сиёмак Неъмати майдонга туша олмайди. «Пахтакор»да эса дисквалификация туфайли йўқотиш мавжуд эмас.

ОЧЛда илк марта VAR тизими ишлайди

«Пахтакор»нинг Эрон клубига қарши бир ўйиндан иборат плей-офф баҳсини иорданиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Қайд этиш жоиз, чоракфинал босқичидан бошлаб ўйинларда VAR тизими ҳам жорий қилинади.

 «Персиполис» (Эрон) - «Пахтакор»

Бош ҳакам: Адҳам Муҳаммад Тумаҳ Маҳадмеҳ (Иордания)

Қанот ҳакамлари: Аҳмад Муаннас Ноди, Муҳаммад Мустафо Ҳассан Алкалаф (Иордания).

Захирадаги ҳакам: Али Сабоҳ Ал Қайси (Ироқ).

VAR ассистент: Ҳанна Ҳаттоб (Сурия).

Анонс

ОЧЛ чоракфинал баҳси - «Персеполис» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ўйин 30 сентябрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 22:45да Дохадаги «Жассим Бин Ҳамад» стадионида бошланади.

ОЧЛ. Чоракфинал. 30 сентябрь (чоршанба)

«Персеполис» - «Пахтакор»

Қатар, Доҳа «Жассим бин Ҳамад» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 22:45

ТВ-трансляция: «Спорт».

Top