07:42 / 10.10.2020
6620
«Ўзбекистон билан бирга» акцияси Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун ЕТТБ грантини қўлга киритди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда хориждаги ватандошлар томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон билан бирга» акцияси Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 50 минг евролик грантини қўлга киритди.

Апрел ойи бошида Буюк Британия ва Францияда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ўзбекистонликлар ташаббуси билан «Ўзбекистон билан бирга» акцияси ташкил этилган эди.

Акциядан мақсад – пандемияга қарши курашда Ўзбекистондаги тиббий муассасалар ва аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам бериш учун хайрия маблағлари тўплашдир.

Европада тикланиш ва тараққиёт банки ушбу акция доирасида қанча сумма йиғилса, худди шунча хайрия маблағи (50 минг еврогача) ажратишга тайёрлигини билдирганди. Маълум бўлишича, апрель-август ойларида «Эзгу амал» фонди кўмагида 185 минг доллар йиғилган.

Kun.uz фонд вакилларидан олган маълумотга кўра, жами йиғилган маблағлар (ЕТТБнинг 50 минг евроси билан бирга) 245 минг долларни ташкил қилган.

Хабар қилинишича, ушбу маблағ қуйидаги мақсадларда фойдаланиш учун йўналтирилади:

  • онкологик касалликларни даволаш учун тиббий жиҳозлар харид қилиш (8,4 минг доллар);
  • моддий ёрдамга муҳтож 500 оилага озиқ-овқат кўринишида ёрдам;
  • «Нафас ол, Ўзбекистон!» лойиҳаси доирасида шифохоналарга кислород концентратори харид қилиш ва етказиб бериш (65,1 минг доллар);
  • 2 та кислород станциясига буюртма бериб, уни 2 та ҳудудий шифохоналарга ўрнатиш (110,3 минг доллар);
  • банк ўтказмалари, конверция ва краудфандинг комиссиялари учун харажатлар (1,8 минг доллар);

Қолган маблағ (50 минг доллар атрофида) ҳисобидан манзилли ёрдам вариантлари ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top