11:52 / 31.10.2020
7442
“Агар Байден ғалаба қозонса, АҚШда электр энергияси, мактаблар, тўй ва байрамлар бўлмайди” – Трамп

Агар демократларнинг номзоди Жозеф Байден 3 ноябрь кунги сайловларда ғалаба қозонадиган бўлса, америкаликлар қишда электр энергияси ва иситиш тизимидан маҳрум бўлади. Бундай фикрни АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп жума куни Висконсин штатидаги сайловчилари билан учрашувида айтди. Унинг чиқиши маҳаллий каналларда жонли эфирга узатилди.

Фото: Reuters

“Байден бутун АҚШ нефть саноатини йўқ қилишга қасам ичган. Фрекинг (ер қатламларини гидравлик парчалаш орқали углеводородларни қазиб олиш – таҳририят) ҳам, энергия етказиб берувчилар ҳам бўлмайди.

…Қишда иситиш тизими бўлмайди, ёзда эса кондиционерлар ишламайди, электр энергияси ҳам бўлмайди. Бахтингизга мен сизларнинг президентингизман”, – деган Трамп.

Бир қанча вақтдан кейин Миннесота штатидаги чиқишида Дональд Трамп юқоридаги рўйхатни яна кенгайтирди: “Мактаблар ҳам, битирувчилар ҳам, тўйлар ҳам, Шукроналик куни ҳам, Рождество ва Мустақиллик куни ҳам бўлмайди. Америкалик ёшларда келажак бўлмайди”.

Миннесота губернатори Тим Уолз томонидан киритилган чеклов чоралари туфайли камроқ сайловчилар билан кўришган Трамп мерни ҳам танқид қилди: “Сизларнинг демократ мерингиз бизнинг ушбу учрашувимизга рухсат бермасликка ҳаракат қилди”. Унинг Миннесота штати сайловчилари олдидаги нутқи атиги 20 дақиқа давом этди. Худди шу куни Висконсин ва Мичиган штати сайловчилари олдида Трамп 70 дақиқадан нутқ қилган эди.

Дональд Трамп аввал ҳам агар Байден ғалаба қозонадиган бўлса, у углеводородлар қазиб олишга бир қанча чекловлар киритишини айтиб ўтган эди. Эслатиб ўтамиз, АҚШда умуммиллий президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Top