18:09 / 13.12.2020
3298
Британия ҳукумати дўконларни озиқ-овқат маҳсулотларини захиралаб қўйишга чақирди 

Британия ҳукумати мамлакатнинг Европа иттифоқидан савдо келишуви тузмасдан чиқиши ҳолатига супермаркетларни озиқ-овқат маҳсулотларини захиралаб қўйишга чақирди.   

Фото: TASS/EPA

Британиялик вазирларнинг фикрича, агар Лондон ва Брюссел савдо келишувини туза олмаса, Британия аҳолиси орасида саросима бошланиб, улар маҳсулотларни кўп миқдорда ғамлашга тушиб кетишлари мумкин. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон, тиббий қурилмалар ва вакциналарни етказувчи компанияларга яқин 6 ҳафтага захиралар шакллантиришни илтимос қилган.

“Супермаркетлар ва вазирлар харидорлар орасида саросима юз беришидан хавотирланмоқдалар. Улар коронавирус авж ола бошлаганда қандай саросима бошланганининг гувоҳи бўлишган ва барчаси тезда режа бўйича кетмай қолиши мумкинлигини билишади”, деб айтган дўконлардан бирининг вакили.  

13 декабрда Британия ва Европа иттифоқи ўртасидаги навбатдаги музокаралар ҳозирча самарасиз ўтаётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, музокаралардаги вазият мураккаб бўлиб қолмоқда, бироқ томонлар маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда. Британия бош вазири Борис Жонсон ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен музокаралар натижаларини 13 декабрь кечки пайт эълон қилишлари кутилмоқда.

10 декабрда Еврокомиссия раҳбари Брюссел ва Лондон ҳафта охиригача Brexit бўйича келишувга эришишини маълум қилганди. 

Шу билан бирга, Жонсон Лондоннинг Европа иттифоқидан савдо келишуви тузмасдан чиқиши мумкинлигини ҳамда аҳоли ва ишлаб чиқариш бунга тайёр туриши кераклигини айтган.

Лондон  ва Брюссел Британия Европа иттифоқини батамом тарк этадиган 2020 йил 31 декабрдан кейин ўзаро алоқа қилиши шартлари бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Британия Европа иттифоқини 2020 йил 31 январда расман тарк этган. Бироқ у 2020 йил охиригача Европа божхона иттифоқи ва умумий бозорида қолган.

Top